Орол денгизи фожиаси — дунё ҳамжамияти нигоҳида
  • 12 Ноябрь 2014

Орол денгизи фожиаси — дунё ҳамжамияти нигоҳида

Орол инқирозининг атроф-муҳит ва бу ерда яшаётган миллионлаб аҳоли ҳаётига ҳалокатли таъсирини, хусусан, пухта ўйланган, аниқ манзилли ва тегишли молиялаштириш манбалари билан таъминланган лойиҳаларни амалга ошириш орқали камайтириш бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир.

Ислом КАРИМОВ

Президентимиз ташаббуси билан шу йилнинг 28-29 октябрь кунлари Урганч шаҳрида “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуида халқаро конференция ташкил этилиб, у юқори савияда ўтказилди. Давлатимиз раҳбари мазкур нуфузли тадбир иштирокчиларига йўллаган табригида Орол фожиаси чуқур таҳлил этилгани, унинг минтақа аҳолиси ва табиатига салбий таъсирларини камайтириш, биохилма-хилликни сақлаш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилгани хорижий экспертлар, эколог олимлар, соҳа мутахассисларида, айниқса, катта қизиқиш уйғотди. Шу боис айни пайтда ушбу муҳим ҳужжат кенг жамоатчилик томонидан чуқур ўрганилмоқда.
“Онажоним — табиат” саҳифасида халқаро конференция тафсилотлари, унинг доирасида асос солинган лойиҳалар аҳамияти ва улардан кутилаётган самаралар ҳақида сўз юритилади.

Холис баҳо, оқилона ечим
Ўзбекистон Президенти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси раиси Ислом Каримовнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табригида Орол муаммоси билан боғлиқ барча жиҳат тўлиқ очиб берилди.
Бошқача айтганда, “Қандай қилинса, нималарга алоҳида эътибор қаратилса, ҳудуддаги экологик инқироз оқибатларини юмшатиш мумкин?” деган саволга муфассал жавоб олдик. Минтақада чўлланишга қарши курашиш, сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланиш, ижтимоий инфратузилма, тиббиёт ва таълим муассасалари тармоғини кенг ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳайвонот ва ўсимлик оламини асраб-авайлаш каби масалалар шулар сирасидан бўлиб, бу, очиғи, Оролбўйи минтақасидаги мавжуд вазиятга берилган холис баҳо ва уни ечишнинг оқилона йўлидир.
Давлатингиз раҳбари томонидан илгари сурилган мазкур вазифалар, устувор йўналишлар Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида ҳам татбиқ этилса, ҳар томонлама фойдали бўлур эди.

Хуберт ГИЗЕН,
ЮНЕСКОнинг Осиё ва Тинч океани мамлакатлари бўйича минтақавий ваколатхонаси директори.

Муносиб ҳаёт гарови
Орол денгизи минтақасида яшаётган аҳолида тушкунлик кайфияти юзага келишига йўл қўйишга бизнинг ҳаққимиз йўқ ва уларга муносиб ҳаёт кечириши, ўз бизнесини ривожлантириши, янги иш ўринлари ҳамда даромад манбалари билан таъминланиши учун барча имкониятни яратиб бериш зарур, деган долзарб фикрлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан халқаро конференция иштирокчиларига йўлланган табригида яққол акс этди.
Ушбу теран мушоҳадалар хотирамизда чуқур муҳрланиб қолди. Бу, аслида, юртингизда инсон ва унинг манфаатларига устуворлик бериш йўлида кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш — давлатингизнинг бош вазифаси эканлигини билдиради.
Жаҳон банки ҳудуддаги қатор экологик, ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишга бош қўшаяпти, бу борада тегишли ташкилотлар, идоралар, молия муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаяпти. Мазкур анжуман эса ана шу алоқаларни янада равнақ топтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Сарож Кумар ЖА,
Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори.


Қурғоқчил ҳудудлар ва иқлимий барқарорлик

Давлат бюджетининг катта қисми ижтимоий соҳаларни ривожлантиришга йўналтирилаётгани ниҳоятда муҳим жиҳатдир.
Чунки бу республиканинг барча ҳудуди, жумладан, Оролбўйи минтақасида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, узлуксиз таълимни ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этаяпти. Президент Ислом Каримовнинг халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган табригида белгилаб берилган устувор йўналишларнинг ҳаётга самарали татбиқ қилиниши бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиши, шубҳасиз.
Шу ўринда БМТ ва унинг Тараққиёт дастури билан мамлакатингиз ўртасидаги алоқалар тобора кенгайиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Хусусан, яқинда ўзаро ҳамкорликда “Ўзбекистонда қурғоқчиликка мойил ҳудудларда иқлимий барқарор фермер ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш” қўшма лойиҳасини амалга ошириш бошланди. Унинг рўёби сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, илғор технологияларни амалиётга татбиқ этиш, энг асосийси, Орол денгизи ҳавзасида экологик ҳалокат оқибатларини юмшатишга яқиндан кўмак беради.

Ойша  ЖАҲОН СУЛТОНОГЛУ,
БМТ Тараққиёт дастури раҳбари ўринбосари.

Кенг кўламли лойиҳалар ижроси
нафақат минтақавий, балки глобал муаммо бўлмиш Орол фожиаси оқибатларини юмшатишга хизмат қилади
Йирик экофорумда, шунингдек, 1993 йилнинг январь ойида Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳамкорлигида тузилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси (ОҚХЖ) фаолияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.
Эътироф этиш керакки, мамлакатимиз мазкур жамғарманинг таъсисчиларидан бири сифатида унинг ишини ҳар томонлама ривожлантиришга катта эътибор бериб келаяпти. Жумладан, Ўзбекистон ОҚХЖга раислик қилган 1997 — 1999 йилларда унинг ташкилий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, Орол денгизи ҳавзасида барқарор тараққиётни таъминлаш мақсадида халқаро ташкилотлар ва молия институтлари билан ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
1995 — 2010 йиллар давомида эса БМТ Бош ассамблеяси ва сессиялари кузатувчиси ҳисобланган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси томонидан денгиз ҳавзаси мамлакатларига кўмак беришга доир иккита дастур рўёбга чиқарилди. Экологик ҳолатни барқарорлаштириш, табиий муҳитни тиклаш, трансчегаравий сувларни бошқаришни яхшилаш, иқтисодий-ижтимоий муаммолар ечимига ёрдам беришга йўналтирилган лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш учун 15 йил ичида 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратилди.
2011 йилдан бошлаб эса учинчи дастур ижросига киришилди. Бу ҳужжатни тайёрлашда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан БМТ ҳамкорлигида 2008 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган “Орол муаммолари, уларнинг аҳоли генофонди, ўсимлик ва ҳайвонот оламига таъсири ҳамда оқибатларини енгиллаштириш учун халқаро ҳамкорлик чора-тадбирлари” мавзуидаги халқаро конференция доирасида ишлаб чиқилган Ҳаракат режаси муҳим асос бўлди. Унинг доирасида 300 дан зиёд лойиҳани амалга ошириш, бунинг учун 8,5 миллиард доллар сарфлаш кўзда тутилган.
Дастурда, айниқса, минтақадаги барча давлатлар манфаатлари ўз ифодасини топиб, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш самарадорлигини ошириш, тупроқнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, саҳроланишга қарши курашиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ижтимоий секторни янада ривожлантириш, институционал-ҳуқуқий механизмларни такомиллаштиришдек устувор йўналишлар ўз аксини топгани диққатга сазовордир.
Таъкидлаш жоизки, Оролбўйидаги лойиҳаларни амалиётга изчил жорий этиш Ўзбекистоннинг доимий диққат-эътиборида турибди. Шу мақсадда сўнгги ўн йил ичида 1 миллиард 200 миллион АҚШ долларидан зиёд маблағ ажратилгани фикримиз тасдиғидир. Бунинг самараси ўлароқ эса, сув ресурсларини бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш, экологик барқарорликни таъминлаш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилган кўплаб ислоҳотлар ижросига эришилди.

Адҳам ТЎЛАГАНОВ,
Оролни қутқариш халқаро жамғармаси
Ижроия қўмитаси бош мутахассиси.

«Earth Times» Орол муаммоси ҳақида
Яқинда Буюк Британиянинг “Earth Times” онлайн-журналида “Орол қуришининг салбий оқибатлари ечимларини қидириш” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда денгизнинг ҳозирги танг ҳолати, унинг минтақа атроф-муҳити ва аҳоли саломатлигига кўрсатаётган салбий таъсири, шунингдек, Ўзбекистон ва жаҳон ҳамжамияти томонидан Орол инқирози оқибатларини бартараф этиш юзасидан амалга оширилган чора-тадбирлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Мақолада қайд этилганидек, 1960 йилларгача Орол Каспий денгизи, Виктория ва Юқори кўл қаторида дунёнинг тўртта  энг йирик ички сув ҳавзаларидан бири бўлган. Дунё океанига чиқиш йўли мавжуд бўлмаган сув ҳавзасида балиқларнинг ноёб турлари яшаган ва улар жаҳон илмий жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотган. Оролнинг чуқурлиги айрим жойларда  қарийб 68 метргача етган ва бу атроф-муҳит, иқлим, одамлар ҳамда ҳайвонот дунёсига ижобий таъсир кўрсатган. Қиш мавсумида денгизнинг таъсири натижасида ҳаво оқими илиқроқ бўлган, ёзда эса сув буғланиши ҳавони сезиларли даражада салқинлаштирган.
“Бугун Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотини мазкур фожианинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик оқибатларидан воқиф этишгани ҳолда бонг уришаётир. Ҳозирги вақтда Амударё ва Сирдарёдан Орол ҳавзасига қуйиладиган сув оқими 12,7 км3 га тенг бўлиб, бу ўтган асрнинг 60-йилларидагига нисбатан 4,5 баробар камдир.
Орол денгизининг қуриб битган қисми ўрнида ҳосил бўлган 5,5 миллион гектардан зиёд майдонда пайдо бўлган янги Оролқум саҳросидан чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, қум бўронлари, кучли шамоллар орқали минглаб километр масофага тарқалиши аҳоли саломатлигига ҳамда атроф-муҳитга жиддий таҳдид солмоқда. Шунингдек, бу ердан ҳар йили атмосферага 75 миллион тонна чанг кўтарилиши ҳисоблаб чиқилган. Кузатишлар шуни кўрсатмоқдаки, Оролқумдан кўтарилаётган чангли булутлар ҳажми узунасига 400 километр, энига эса 40 километрга етади”, деб ёзилади нашрда.
Мақолада ушбу экологик офатнинг минтақа иқлимига кўрсатаётган салбий таъсири натижасида ёз мавсумида ҳаво ҳарорати кескин кўтарилиб бораётгани ҳам қайд этилади. Бир йилда ҳаво ҳарорати Цельсий бўйича 40 даражадан ошадиган кунларнинг сони икки баравар кўпайди. Бу жараён ялпи исиш муносабати билан келгусида ҳам давом этиши кутилмоқда.
“Earth Times” журналида ана шундай салбий омиллар собиқ қирғоқ  чизиғи атрофида истиқомат қилаётган аҳолининг саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқараётганини алоҳида таъкидлаган.
Орол инқирозининг минтақа флораси ва фаунасига таъсирига  изоҳ берар экан, Буюк Британия нашри бу ернинг ёввойи табиати катта йўқотишларга юз тутганлигини атрофлича қаламга олган. “Балиқларнинг барча турлари, мавжуд ўсимликларнинг ярми, шу жумладан, қирғовул, бойўғли, тўнғиз, бўрсиқ ва жайра яшовчи тўқайзор ҳамда қирғоқолди ўрмонлар йўқ бўлиб кетган”, дея ёзилади нашрда.
Мақола интиҳосида 2014 йилнинг 28-29 октябрь кунлари Урганч шаҳрида бўлиб ўтган “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуидаги  халқаро конференция ҳақидаги маълумотлар ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган. Нашр таҳририятининг фикрича, мазкур тадбирнинг ўтказилгани Марказий Осиё мамлакатларига,  жумладан, Ўзбекистонга кўрсатилаётган халқаро ёрдам ҳажмининг  ортишига хизмат қилади.

«Жаҳон» АА.
Лондон

Факт ва рақамлар
Илгари Оролбўйи сув ҳавзаларида йилига 35 минг тоннагача балиқ овланган.

Амударё ва Сирдарё сувининг Оролга қуйиладиган умумий ҳажми кейинги эллик йил ичида қарийб 5 баробар, Орол денгизининг суви эса 14 баробардан кўпроқ камайди.

Орол денгизи сувининг шўрланиш даражаси 25 марта ортиши балиқ ва бошқа денгиз мавжудотларининг деярли буткул йўқолишига олиб келди.

Оролбўйи минтақасида ўсимликлар ва ёввойи ҳайвонлар тури кескин камайиб, жумладан, сут эмизувчиларнинг 12, қушларнинг 26 ва ўсимликларнинг 11 тури йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турибди.

Оролнинг қуриган қисми ўрнида 5,5 миллион гектар майдондан зиёд янги Оролқум саҳроси ҳосил бўлди.

«Яшил қалқон» — ишончли ҳимоя
Ҳудудларда наботот оламининг шаклланиши ва ривожланишида сув ресурслари энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Орол денгизининг қуриши оқибатида кўплаб ўсимлик турлари камайиб, йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолгани бу масаланинг долзарблигини кўрсатади.
Чунончи, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “ҳайвонот ва ўсимлик олами биохилма-хиллигини, жумладан, кичик сув ҳавзалари яратиш орқали сақлаш ва қайта тиклаш, минтақанинг ноёб флора ва фаунасини асраб-авайлаш даркор”.
Шуни ҳисобга олган ҳолда, бизнинг жамоамиз воҳада камайиб бораётган ўсимликларни чуқур ўрганиш, уларни сақлаб қолиш ва ривожлантиришнинг мақбул усулларини ишлаб чиқиш йўлида изланмоқда. Бу борада муайян натижаларга эришаётганимиз эса ишимизга бўлган иштиёқни янада кучайтираяпти.
Маълумки, Қорақалпоғистон набототида ўсимликларнинг мингдан ортиқ турини учратиш мумкин. Биз уларнинг аксариятини кўпайтириш ҳамда иқлимга мослаштиришга ҳаракат қилаяпмиз. Натижада бугунги кунгача 300 дан зиёд турдаги ўсимликларни кўпайтиришга эришилган бўлса, шундан 30 таси халқ хўжалигида фойдаланишга тавсия этилди.
Айтиш жоизки, бундай натижага эришишимизда илмий тадқиқот мақомидаги боғимиз Амударё билан Қаттиқоқар канали оралиғида жойлашгани қўл келаяпти, албатта. Унинг умумий майдони 40 гектардан иборат. Бундан ўн йил муқаддам бу ерга 120 хил мевали дарахт, 75 турдаги ноёб гул ниҳоллари ўтқазилган эди. Бугун улар барқ уриб ўсиб, ён-атрофга ўзгача гўзаллик бағишлаяпти. Дўлана, чирғоноқ, қоразирк, қорағат каби шифобахш, айниқса, Қорақалпоғистон иқлимига илк бор мослаштирилган индигофера, Мексика аделияси сингари ноёб ўсимликлар шулар жумласидандир.
Муассасамиз олимлари хорижий мамлакатларда бўлиб, ўзаро тажриба алмашиб келаётгани, шунингдек, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти билан ҳамкорликда иш олиб бораётгани ўз самараларини бераётир. Зеро, саҳро бағрида янада мустаҳкам “яшил қалқон” барпо этиб, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлаш, ҳудуд биохилма-хиллигини асрашдек эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшиш асосий мақсадимиздир.

Толеген ОТЕНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимига қарашли «Ботаника» боғи директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ҳам бол, ҳам малҳам Сангардактоғ шаршараси »