Ҳам бол, ҳам малҳам
  • 06 Сентябрь 2014

Ҳам бол, ҳам малҳам

Қовоқдошлар оиласига кирувчи қовуннинг ватани Марказий Осиё бўлганлиги учун ҳам у ўлкамизда қадимдан машҳурдир. Бугунги кунга келиб эса ушбу полиз маҳсулоти фойдали жиҳатлари кўплиги боис жаҳоннинг аксарият минтақаларида экилмоқда.

Қовун тўйимли неъмат бўлиши билан бирга, ноёб шифобахш хусусиятларга ҳам эга. Абу Али ибн Сино қовуннинг дармондори хусусиятлари ҳақида шундай деган: “Қовуннинг эти ва айниқса, уруғи етилтирувчи ва тозаловчидир. Терини тозалайди, сепкил, доғ, бошнинг кепагини йўқотишда фойда қилади. Қобиғи (пўстлоғи)ни манглайга, қорачиққа ёпиштирилса, бош оғриғини яхшилайди, кўзни равшан қилади”.
Қовун салқин ҳолда истеъмол қилинса, тинка қуришининг олдини олади ва баданга куч-қувват бағишлайди.
Қовун таркибида олтин, қанд, нектин моддалар, органик кислоталар — лимон, шавел, олма, С дармондори, каротин, В1, В2, В6, В15 ва крахмал мавжуд. Магний, фосфор, олтингугурт, темир, фтор, рух каби маъданлар ҳам борки, бу инсон саломатлиги учун ниҳоятда фойдалидир. Шу туфайли қовун халқ табобатида камқонлик, паришонхотирлик, бод, беланги, сил, жигар, буйрак хасталикларини даволашда кенг қўлланилади. Қонни суюлтиради, овқатни тез ҳазм қилади, сариқ хасталигининг олдини олиш, тер ва пешоб ҳайдаш хусусияти бор. Энг муҳими, у асабни тинчлантиради, кайфиятни кўтаради.
Бироқ шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, кимёвий ўғитлар (селитра, фосфор, калий) билан етиштирилган қовунни истеъмол қилмаган маъқул. У кўнгилни айнатиб, қайт қилиш, ич кетиши, қоринда кучли оғриқ туришига сабаб бўлади. Ёш болалар, буйрак хасталигига (нефрит, невроз, пиелонефрит) чалинган беморларни оғир аҳволга солиб қўйиши мумкин.
Қовунни спиртли ичимликлар, асал, товуқ гўшти ёки сув билан тановул қилиб бўлмайди. Бу ичбуруғ, қорин оғриши, ич дам бўлишига олиб келади.
Айни кузнинг пишиқчилик палласида полиз экинлари бозорларимизни тўлдириб турибди. Тилими тилни ёрадиган қовунларимизни овқатдан сўнг истеъмол қилинг. Ана шунда танангиздаги дарддан фориғ бўлиб, ўзингизни тетик ҳис этасиз.

Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ,
доришунос.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn