Сунбула — пишиқчилик мавсуми
  • 03 Сентябрь 2014

Сунбула — пишиқчилик мавсуми

Сезган бўлсангиз, шу кунларда ҳарорат пасайиб, айниқса, тунлари салқин тушмоқда. Бу қуёш асад буржидан сунбула томон оғганидан далолатдир. Шундай паллада баъзи кунлар об-ҳаво нисбатан иссиқ бўлса-да, кечаси ҳарорат пасайиши кузатилади.

Ҳижрий-шамсий йил тақвимига кўра, олтинчи ой — сунбула. Халқ мақолида айтилганидек, “сунбуланинг туққанини сув билар”. Яъни бу ой кириши билан ариқ, жилға ва дарё сувлари совийди. Тошдан-тошга урилиб оқаётган зилол обиҳаёт янада тиниқлашади. Шу боис чуқур дарёларнинг тубини ҳам яққол кўриш мумкин.
Бошқача айтганда, сунбулада сув “семиради”. У — наинки наботот олами, балки жамики жонзот учун кони фойда. Ҳосилни узоқ ва сифатли сақламоқчи бўлган деҳқонлар экинини сунбула сувига қондиришининг сабаби шунда.    
Сунбула деҳқончиликдаги энг тиғиз меҳнат мавсумини бошлаб бериши билан ҳам аҳамиятлидир. Чунки бу даврга келиб, деҳқону соҳибкорларнинг машаққатли меҳнатлари эвазига яратилган ҳосил тарозига тушади. Пахта йиғим-терими бошланади.
Энг сифатли, саноатбоп тола берадиган пахта айни сунбулада жамғарилади. Нега деганда, ушбу ойда фойдали иссиқликни олган кўсаклар лўппи-лўппи бўлиб очилади. Ёғингарчилик кузатилмаслиги эса тола сифатини янада оширади, ранги тиниқ бўлишини таъминлайди.   Дарҳақиқат, сунбула айни пишиқчилик давридир. Бу пайтда мева-чевалар қийғос пишиб, бол йиғади. Айниқса, узум шарбатга тўлади. Полиз экинларидан қовун асал билан баҳслашади. Халқимизнинг “Асадда оралаб е, сунбулада саралаб” деган мақолида айни шунга нисбат берилган.
Кексаларнинг айтишича, “Сунбуланинг бир куни қишнинг ўн кунини босади”. Бунинг маъноси шуки, унинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланиб, олтин куз неъматларини қишга ғамлаб қўйиш керак. Буни яхши англаган юртдошларимиз қишки озуқа захирасини яратиш, омборларини дала ва боғ неъматлари билан тўлдириш пайидан бўлишмоқда. Доно халқимиз “Асад билан сунбула, ҳисоб билан муомала”, деб бежиз айтмаган.
Гарчи сунбулада асосий экинлар ҳосили пишиб етилса-да, сабзи, шолғом, лавлаги, маккажўхори, картошка каби такрорий экинлар парвариши авж паллага киради. Юртдошларимизга кўклам чоғида эртаки неъматларни тақдим қилмоқчи бўлган тадбиркор миришкорлар эса аллақачон экин-тикин ишларини бошлаб юборишган. Боиси — баҳорги пиёз ва саримсоқпиёз уруғлари сунбуладан кечиктирилмай қадалгани маъқул. Зеро, халқ мақолида таъкидланганидек, “Сунбулада сув совийди, мезонда — кун”.

С. ИБОДУЛЛАЕВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қўнғир айиқ Ҳам бол, ҳам малҳам »