Ўзбекнинг нурли боласи
  • 31 Июль 2014

Ўзбекнинг нурли боласи

ФИФА рефериси Равшан Ирматовга

Миллён ўзбек боласин кўзини чақнатолган,
Яна шунча боланинг кўнглини яшнатолган,
Жаҳон майдонларида юрт номини янгратиб,
Жаҳон майдонларини ўрнидан қўзғатолган.
Олам аро ному шон қозонмоқ осон эмас,
Ўғлонинг мард бўлмаса — майдонинг майдон эмас.

Ер шари ҳам коптокдай азал юмалоқ келган,
Менинг бобом энг аввал уни думалоқ деган,
Ал-Фарғоний, Беруний боболаримдан буён
Бу дунё бир тўп мисол гоҳ у ёндир, гоҳ бу ён.
Вақт — энг олий ҳакам, бу гапим ёлғон эмас,
Ҳеч ким Вақт мисоли ҳакамлик қилғон эмас.

Султон Улуғбек токи Ер узра чекди рақам,
Юлдузлар рафторига илк бор бўлолди ҳакам.
Олам аҳли билгувчи бор менинг гувоҳларим —
Бухорий боболарим, Темурий боболарим.
Султонларим шунчаки бек ва ёки хон эмас,
Уларни билмаганлар башар ё инсон эмас.

Марказий Осиё бу, яъни Ўрта Осиё,
Коинотдан боқсанг гар бу юртдан порлар зиё.
Самарқанду Бухоро — тамаддун маъвосидир,
Улуғ эл заковати, тафаккур туғросидир.
Асрлардан нур сочиб бекорга келғон эмас,
Бу — миллат тимсолидир, шаҳар ё қўрғон эмас.

Демак, олам аҳлига қадрдон қошу кўздек,
Жаҳон майдонларида довруқ солса бир ўзбек —
Миллён элдошлар билан қувнар жону жаҳоним,
Эй, менинг она юртим, менинг ота маконим,
Оламга сайру гаштим — шунчаки жавлон эмас,
ўурур ҳам ифтихорим — шунчаки достон эмас.

Бу оламнинг авзойи гарчи турфа-турфадир,
Унинг энг соз, энг қизиқ кайвониси ФИФАдир.
Сенинг феълингни отанг, ҳар ёр, ҳар ошнанг айтсин.
Мессиларга кўрсатган “сариқ карточканг” айтсин.
Ҳакамлик — ҳалолликдир, бошқа сўз имкон эмас,
Адолатдан ўзгаси бунда ҳукмрон эмас.

Ҳаёт нурга чулғанар тинч, ёруғ тонглар ота,
Тошканча чойдан қуйинг демак, Сайфиддин ота.
Равшан — ёруғлик демак, қутлуғ бу давру даврон,
Қандингни ур, Равшанжон! Қандингни ур, Равшанжон!
Ватандин айро давру давронинг даврон эмас,
Элга нафи тегмаса — ўғлонинг ўғлон эмас!


Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn