«Тошўрмон»
Версия для печати
  • 23 Июнь 2014

«Тошўрмон»

ёхуд саҳро бағридаги мўъжиза

“Тошўрмон” деб аталувчи ноёб палеонтологик музей-қўриқхона бугун нафақат юртимиз, балки дунё олимларининг катта қизиқишига сабаб бўлаяпти. Учқудуқ  шаҳарчасидан чамаси 130 километр олисда, Қизилқум саҳросининг “Жирақудуқ” дарасида жойлашган мазкур ноёб табиат ёдгорлиги бундан 95-100 миллион йил аввал мавжуд бўлган Тетис денгизи қирғоқлари билан боғлиқ эканлиги унинг аҳамиятини янада ошираяпти. Яқинда ушбу табиат мўъжизасини қайта ўрганиш ва дунё аҳлига танитиш мақсадида медиатур уюштирилди. 

— Бу ҳудуднинг пайдо бўлиши ҳақида турли қарашлар мавжуд, — дейди “Тошўрмон” палеонтологик музей-қўриқхонаси ҳақидаги ҳужжатли фильм муаллифи ўофур Баратов. — Миллион йиллар олдин табиати бой, гўзал манзарага эга “Мингбулоқ” ботиғига коинотдан бегона бир жисм, яъни метеорид келиб урилади. Натижада денгиз суви парчаланиб, бу ер юз йиллар давомида қуёш нуридан панада — чанг-тўзон гирдобида қолади. Оқибатда эса бегона жисмнинг кимёвий ва физик хусусиятлари билан қоришувида денгиз атрофидаги ўрмонзорлар, қуруқлик ва сувда яшайдиган жониворлар ўзга бир шаклга, яъни тошга айла-нади. 

Медиатур иштирокчилари айни шу ҳудудда тош қотган наботот ва ҳайвонот турлари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

— Қаранг, “Жирақудуқ”даги тепаликлар денгиз суви таъсирида ажиб манзара касб этган, — дейди гуруҳга ҳамроҳлик қилаётган вилоят тарихий-ўлкашунослик музейи раҳбари Рамазон Эгамов. —  Археолог олимлар томонидан олиб борилган изланишлар туфайли топилган суяклар денгиз жониворларига тегишли эканлиги ўз исботини топди. Қолаверса, бугунги кунда ҳам ҳудудда тош қотган чиғаноқлар, дарахт танаси ва ҳатто, меваларини ҳам -учратиш мумкин. Олимларнинг таъкидлашича, “Тошўрмон”да ёнғоқ, бодом, жийда, шафтоли, олча ва шунга ўхшаш дарахтлар ўсганини исботловчи далиллар бор. 

Атрофни кузатар экансиз, ҳақиқатан ҳам, сочилиб ётган мева қолдиқлари илгари бу жойларда мевали дарахтлар ўсганидан далолат беради. Шунингдек, ўтхўр ва гўштхўр динозаврларнинг жуда кўп турлари яшаганлигини исботловчи метин суяклар кўзга ташланади. Айни шу ердан ўтган асрнинг охирларида дунё олимлари олиб борган изланишлар натижасида ўрдакбурун динозаврнинг тошга айланган болдир суяклари топилгани, у ҳозирги кунда Навоий ва Зарафшон шаҳарларидаги музейларда сақланаётгани эътиборга моликдир.

Қарийб 200 гектар майдонни эгаллаган мўъжизавий ҳудуднинг очилмаган сиру синоатлари ҳали кўп. Тадқиқ қилиш мақсадида олимларимиз томонидан илмий изланишлар олиб борилаяпти. Унинг натижалари миллион йиллар аввалги юртимиз табиати хусусида аниқ тасаввурга эга бўлишимизда муҳим манба бўлиб хизмат қилади, албатта.

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn