Бақлажон — дармони жон
Версия для печати
  • 23 Июнь 2014

Бақлажон — дармони жон

Бақлажон бир йиллик ўсимлик бўлиб, унинг ватани — Шарқий Ҳиндистон. Шу ердан VII-VIII асрларда Марказий Осиёга тарқалган. XIII-XIV асрларда эса Европа, Хитой ва Японияга келтирилган.

Бақлажон одатда июль — сентябрь ойларида пишиб етилади. Аммо деҳқон ва фермерларимизнинг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги туфайли у нисбатан эрта — июнь ойида бозор расталарини тўлдираяпти. Бақлажоннинг кимёвий таркибида қанд, крахмал, пектин, органик кислота, оқсил, валин, лейцин, лизин, метионин, треонин, глютамин ва аспарагин кислоталари мавжуд. Шу билан бирга, унда С, В1, В2, В6, РР дармондорилари, фолий кислотаси, кальций, магний, олтингугурт, фосфор, хлор, алюминий, темир, йод, кобальт, мис, рух сингари макро ва микроэлементлар ҳам бор.

Шунинг учун бақлажон беназир шифобахш хусусиятларга эга. Жумладан, кераксиз суюқликнинг танадан ўз вақтида чиқиб кетишига ёрдам беради, ичакдаги фойдали микроорганизмлар мувозанатини мўътадил сақлаб, фасодли чириш жараёнларини сусайтиради, бод хасталиги ва семизликда эм бўлади. Узоқ вақт мобайнида мунтазам равишда истеъмол қилинганда эса, қондаги холестерин миқдорининг кескин пасайишига кўмаклашади.

Бундан ташқари, у юрак-қон томир тизими касаллигида, юрак шишганда, буйрак, жигар хасталикларида парҳез сифатида қўлланилади, айниқса, камқонликка чалинган беморларга яхши наф беради. Бунда ҳар куни 100-200 граммдан бақлажон истеъмол қилиш мақсадга -мувофиқ.

Бироқ шуни ёдда тутингки, ошқозони оғриган кишилар бақлажонни эҳтиёткорлик билан тановул қилишлари маъқул.

Мирзамир МИРЗАШАРИПОВ,

доришунос.

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn