Жайронлар ошёни
  • 23 Июнь 2014

Жайронлар ошёни

Мамлакатимизда она-табиатни асраб-авайлаш, ноёб ҳайвонлар, қушлар ва ўсимликларнинг йўқолиб бораётган турларини кўпайтириш, экотуризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Буни Бухородаги “Жайрон” экологик маркази фаолияти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Эътиборлиси, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, марказ ҳудудини 24 минг гектарга кенгайтириш кўзда тутилган. Шунга мувофиқ, бу масканга 9369 гектар майдон қўшиб берилди. Янги ҳудудда ҳомийлар кўмагида ҳайвонларни сақлаш ва уларни муҳитга мослаштиришга мўлжалланган вольер мажмуаси қуриб битказилди. Экотуризмни ривожлантириш мақсадида сайёҳлар учун махсус иншоотлар барпо этилмоқда. Хусусан, ён-атрофни томоша қилиш учун баландлиги олти метрдан иборат учта қурилма қад ростлади. Табиат шайдоларини қабул қиладиган “Ташриф маркази” ташкил этилаяпти. Бу мақсад учун Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан 210 миллион сўмлик маблағ ажратилди.

— Давлатимиз томонидан табиатни асраб-авайлашга кўрсатилаётган ана шундай эътибор натижасида масканимиз йил сайин кўркамлашиб бораяпти, — дейди  экомарказ директори Ортиқ Музаффаров. — Унга қизиқиш кучаймоқда. Буни ҳамкорликда олиб борилаётган илмий ишлар қамрови кенгаяётганидан ҳам билиш мумкин. Айни пайтда мамлакатимизнинг бир қатор институтлари ҳамда хорижий давлатларнинг илмий тадқиқот муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганмиз. Бунинг натижасида республикамиз ва чет эл нашрларида 200 дан зиёд илмий мақола чоп этилди. Бундан ташқари, экотуризмни ривожлантириш мақсадида ҳайвонлар тури ва сони кўпайтирилди. Экологик маршрутлар, шунингдек, “Жайрон изидан” деб номланган экоэкспедициялар  ташкил қилинди. Ҳар йили масканимизга икки минг нафарга яқин ўқувчилар келиб, фаолиятимиз билан яқиндан танишиб кетади. Экомарказда очиқ дарслар ўтилади.

Марказда нафақат жайрон, балки бошқа  турдаги ноёб ҳайвонлар ҳам кўпайтирилмоқда. Ўтган йилда бурама шох тоғ эчкисини кўпайтириш йўлга қўйилди. Бухоро тоғ қўйи сони эса 18 бошга кўпайди. 

12 та Пржевальский оти, беш бош қулон, ўттиз бош жайрон очиқ табиатга қўйиб юборилди. -Марказ ўз фаолиятини бошлагандан буён очиқ табиатга қўйиб юборилган жайронлар сони 1500 бошга етди. Марказ ходимлари томонидан “Ўзбекистонда гепард (қоплон)ни қайта тиклаш” дастури ишлаб чиқилгани ҳам диққатга сазовор. Бу дастур халқаро экоташкилотлар кўмагида амалга оширилади. Қолаверса, марказни 2015 йилгача ривожлантириш дастурида ноёб ҳайвонлар қаторида бу ҳудудда қўним топган қушларнинг табиий кўпайишини -таъминлаш, ўсимлик дунёсини асраб-авайлаш тадбирлари ҳам белгиланган. Бинобарин, қум барханлари бағридаги “Жайрон”нинг истиқболи бор. Зеро, марказ ҳозирданоқ она-табиатга меҳр-муҳаббат тимсолига айланиб улгурди.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Тунни чекинтирган кун Устюрт кенгликларида »