Тунни чекинтирган кун
  • 23 Июнь 2014

Тунни чекинтирган кун

Юртдошларимиз эртага табиатнинг йилда бир марта содир бўладиган ғаройиб ҳодисаси — энг узун кунга гувоҳ бўладилар. 

Гап шундаки, шу куни қуёш соат 04.50 да чиқиб, соат 20.00 да уфққа бош қўяди. Кун узунлиги 15 соату 10 дақиқани ташкил этади. Шундан сўнг кунлар қисқариб, тунлар узая бошлайди. Бу юртимизда саратон кирганидан далолатдир.  

Саратон ҳижрий-шамсий йил тақвимининг тўртинчи ойи ҳисобланиб, 22 июндан 22 июлгача бўлган даврни ўз ичига олади. У табиатига кўра, иссиқ ва қуруқ келади. Сабаби, бу пайтга келиб, қуёш шимолий ярим шарнинг энг юқори нуқтасига кўтарилиб, заминни беаёв қиздиради. Ёз чилласи айни шу ойда кириши бунинг яққол далилидир. У саратоннинг учинчи куни, яъни 25 июндан дохил бўлиб, 5 августгача давом этади.

Ҳақиқатан ҳам, саратон тиғи жуда ўткир. Айниқса, офтоб тик кўтарилган паллада унинг тафтига ҳеч ким дош беролмайди: тирик жон борки, ўзини соя-салқин жойга олади. Йўқса, зумда офтоб уруши ёки терини куйдириши ҳеч гап эмас. Шундай бўлса-да, унинг инсон организмига фойдали жиҳатлари ҳам етарли. Масалан, саратон офтобида чиниққан одам қиш совуқларига чидамли бўлади. Синган суяклар битиб, баъзи касалликларнинг асорати чиқиб -кетади. 

Жазирама забтига олган ушбу ойда деҳқонларнинг энг машаққатли меҳнат мавсуми бошланади. Нега деганда, қишлоқ хўжалиги экинларининг бир қисми, хусусан, ғалла ҳосили йиғиштириб олиниб, такрорий экинлар экилади. Халқимизнинг “Саратон сара экиш, қолаверса, тариқ экиш” мақоли шунга ишорадир. 

Шу билан бирга, саратон ғўза парваришида энг масъулиятли давр саналади. Халқ мақолида айтилганидек, “Саратонгача ғўза қаричдан ошса, кузда хирмон тошади”. Шу маънода, юртимиз деҳқонлари “Саратонни иссиқ деб ётма, қўлингдан нақдингни йўқотма” нақлига амал қилиб, унинг ҳар кунидан унумли фойдаланиш пайидан бўладилар. 

Агротехника тадбирлари сифатли бажарилса, саратон иссиғи экин учун бамисоли малҳам бўлади. Фойдали ҳарорат ҳосилни салмоқдор қилади. Узум, мева, қовун-тарвуз шира тортиб, таркибига шарбат йиғади. 

Боғбону соҳибкорлар, айниқса, бу ойда суғориш ишларига алоҳида масъулият билан ёндашадилар. Негаки, суғориш кечикса, экинга зарар. Мабодо, бу юмуш эрта бажарилса, обиҳаёт исроф бўлади. У ўз вақтида, сифатли бажарилса, ҳосилга ҳосил қўшилади, мева болга айланади. Мақолда таърифланганидек, “Саратонда ток суғорса соҳибкор, узуми олдида асал ҳам бекор”. 

Яна айтишадики, “Яхши келса саратон, писанд эмас қаҳратон”. Ниятимиз шуки, саратон қутли келиб, далаю боғларда мўл-кўл ҳосил тўплансин. Юртимиздан файзу барака аримасин!

С. ИБОДУЛЛАЕВ

 тайёрлади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Исмалоқ Жайронлар ошёни »