Оққуш парвозидек мафтункор
  • 23 Май 2014

Оққуш парвозидек мафтункор

Бадиий гимнастиканинг таърифи шу ифодада мужассам, деб айтсам, муболаға бўлмас. Болалигимда телевизор орқали гимнастикачи қизларнинг оққушдек ҳаракатларини илк бор кузатганимда, уларга чин дилдан ҳавас қилган эдим. Келгусида мен ҳам улар даврасига қўшиламан, дея кўнглимга туккандим.

Ана шу истак мени Жомбой туманидаги олимпия захиралари тайёрлаш марказининг бадиий гимнастика тўгараги томон етаклади.

Тўғриси, аввалига бажараётган машқларимга жило беролмай анча қийналганман. Мураббийларим ва ота-онамнинг кўмаги билан ўз устимда тинимсиз ишлайвердим. Биласизми, шунда юракдаги иштиёқ борган сари аланга олди ва тез орада сабоқдошларимдан қолишмай ҳаракатланадиган бўлдим. 

Ўтган йиллар мобайнида спортнинг сеҳри, жозибаси бир зум мени тарк этмади. Мудом дилимга чўғ солиб, муваффақиятлар сари илҳомлантириб турди. Шунда англадимки, спорт — бахтим экан. Ана шу иқбол сурурини 2010 йили бадиий гимнастика бўйича мамлакат чемпионатида биринчи ўринни эгаллаганимда ҳамда 2011 йилда “Биллур капалаклар”, кейинги йил “Happy caravan” халқаро турнирларида муваффақиятли қатнашганимда янада теран ҳис этдим.

Спорт билан тиббиётни бири-биридан айри тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳар иккиси ҳам кишини тетиклаштиради, саломатликни яхшилайди. Шу боис ўрта мактабни тамомлаб, ҳозирги кунда Сиёб тиббиёт коллежида ўқишни давом эттираяпман. Шу ўринда айтиб ўтишим керак, коллежимизда ҳар жиҳатдан тўкис билим олиш учун барча шарт-шароит яратилган. Замон талаблари асосида жиҳозланган ўқув хоналарида ўқувчилар тиббиёт илмининг сир-асрорларини пухта ўрганишмоқда.

Шунингдек, ўқув муассасамизда ўғил-қизларнинг спорт билан мунтазам шуғулланишларига ҳам катта эътибор берилади. Аниқроғи, уларнинг барчаси турли спорт тўгаракларида машғулотлар олиб боришади.

Юртимизда қайси соҳада бўлмасин, иқтидорли ёшлар, албатта, қўллаб-қувватланади. Ўзимдан мисол, ўтган йили спортдаги ютуқларим туфайли Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим. Ушбу беқиёс ғамхўрлик ҳаётимдаги унутилмас воқеалардан бирига айланди. Ана шундаги масрурлик мени доимо руҳлантириб туради. Муҳими, бу юксак мукофот янада юқори марраларни забт қилишга даъват этади.

Дурдона ОЛИМОВА,

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси.

 

 

 

 

 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn